Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик байрами муносабати билан табриги

Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

Президент жаноблари!

Ўзбекистон Республикасининг миллий байрами муносабати билан ўз номимдан ва Франция халқи номидан Сизни самимий муборакбод этишдан ҳамда Ўзбекистон халқига бахт-саодат ва равнақ тилашдан бахтиёрман.

Мамлакатларимиз бир-бирига яқинлашиб бораётганини олқишлайман. Бу Сизнинг 2018 йил октябрь ойида диёримизга расмий ташрифингиз ҳамда жорий йил апрель ойида Франциянинг Европа ва ташқи ишлар вазири ҳузуридаги Давлат котиби Жан-Батист Лемуаннинг Тошкент ва Самарқандга ташрифида ўз аксини топди.

Ушбу ташрифлар икки давлат сиёсий соҳадаги мулоқотни жадаллаштиришдан манфаатдор эканини тасдиқламоқда. Жорий йил Париж шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган икки томонлама сиёсий маслаҳатлашувлар бу борада навбатдаги қадам бўлади.

Иқтисодиёт, туризм инфратузилмаси, авиация ва барқарор тараққиёт ҳамкорлигимизнинг устувор йўналишларидир. Умид қиламанки, Франция ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо алоқалари Сизнинг мамлакатимизга расмий ташрифингиз давомида эришилган келишувларга мувофиқ янада мустаҳкамланади.

Сизнинг минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва Афғонистондаги вазиятни ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатларингизни олқишлайман. Франция Сизнинг мазкур йўналишдаги интилишингизни қўллаб-қувватлайди.

Президент жаноблари, Сизга бўлган юксак ҳурматимни қабул қилгайсиз.

Эммануэль Макрон,
Франция Республикаси Президенти

 

 

Share This Post:

Manager Ouzbekistan