ФРАНЦИЯ ТАРАҚҚИЁТ АГЕНТЛИГИНИНГ ТОШКЕНТДАГИ МИНТАҚАВИЙ ВАКОЛАТХОНАСИ ОЧИЛДИ

Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонасида Франция тараққиёт агентлигининг (ФТА) Тошкентдаги минтақавий ваколатхонаси очилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, ФТА етмиш йил давомида Франция ҳукумати томонидан тасдиқланган сиёсатни ҳаётга тадбиқ қилиб келаётган ва барқарор ривожланишга кўмак бериш мақсадида фаолият юритаётган давлат молиявий идораси ҳисобланади. Тўртта қитъада 70 дан зиёд офисга эга мазкур ташкилот аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш ва сайёрани муҳофаза қилишга йўналтирилган лойиҳа ҳамда дастурларни молиялаштириб, уларга ҳамроҳ бўлади. 2015 йилда мазкур агентлик барча мамлакатларда ўз фаолияти ривожи учун 8 миллиард евро йўналтирган. У Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки каби кўплаб молиявий институтлар ҳамда Европа иттифоқи тузилмалари билан ҳам яқиндан ҳамкорлик қилади.

Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Виолен де Вильмор Тошкентдаги тадбирни очар экан, Франция тараққиёт агентлиги мамлакатимизда икки йилдан буён фаолият юритиб келаётганини таъкидлади. ФТА фаолиятига доир икки давлат ҳукумати ўртасидаги келишув 2016 йилнинг декабрь ойида имзоланган. Мазкур ваколатхона Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 2017 йили аккредитациядан ўтган.

– Кейинги 3-4 йил давомида Ўзбекистонда амалга ошириладиган лойиҳаларга қарийб 400 миллион евро йўналтирилиши кўзда тутилган.

Агентлик ўз дастурларини ФТА учун устувор бўлган жабҳаларда амалга оширади. Экологик барқарор ривожланишга кўмаклашиш шулар жумласидандир. Ўзбекистон иқлим ўзгариши бўйича Париж келишувига қўшилган. Мазкур ҳужжат бошқа давлатлар билан бир қаторда иссиқхона газлари чиқарилишини қисқартириш мақсадида расмий Тошкент томонидан имзоланди. Ҳозирда Ўзбекистон табиий ресурслар талофатини камайтириш учун кўплаб мамлакатларнинг мавжуд имкониятлари ва технологияларидан фойдаланиши мумкин.

Бугун бўлиб ўтган тадбирлар чоғида биз кўплаб қизиқарли лойиҳаларни ҳамда ҳамкорлигимиз истиқболларини муҳокама қилганимиз қувонарли ҳолдир. Таъкидлаш жоизки, бу борада комплекс ёндашув қўлланилади ва ФТА техник кўмак кўрсатади. Бу хўжалик чиқиндиларини қайта ишлаш, сув ресурсларини бошқариш, сувни тозалаш, шунингдек, шаҳарлардаги марказлашган иситиш тизими, тоғли ҳудудлар сайёҳлик зоналари, гидроэнергетика ва қишлоқ хўжалиги каби иқтисодиёт жабҳаларига тааллуқлидир.

Фурсатдан фойдаланиб, франциялик вакилларнинг ташрифига доир тайёргарлик ишларида қатнашган, шунингдек, оҳирги ойлар давомида муҳокама қилинган лойиҳалар бўйича аниқ натижаларга эришишимиз учун ишларининг кўплигига қарамасдан ўз кучларини сафарбар этган барча иштирокчиларга чин дилдан миннатдорлик изҳор этишни истардим.

Франция тараққиёт агентлигининг Осиё мамлакатлари департаменти директор ўринбосари Жан-Клод Пирес ҳам агентликнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси очилишида иштирок этиб, мамлакатимиз вазирлик ва идораларига самимий мамнуният билдирди.

– Бугун Тошкентда ФТА ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги Биринчи йиллик консультация бўлиб ўтди. Умид қиламанки, кейинги ҳафта биз Самарқандда хўжалик чиқиндиларини қайта ишлаш бўйича илк лойиҳамизни расман бошлаймиз. Барча келишувлар аллақачон имзоланган. Биз унинг бевосита амалга оширишга тайёрмиз.

Бугунги тадбирлар чоғида, шунингдек, келгуси йилларда Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясидаги тамойиллар ва ФТАнинг Осиёдаги фаолиятида ўхшаш жиҳатлар мавжудлиги таъкидланди. Мамлакатимиз элчиси ҳозиргина қайд этган секторларда, хусусан, ўз тажриба ва малакамизни ўзбек ҳамкорларимиз билан алмашиш ҳамда Франция компанияларининг ҳозирги кунда халқаро майдонда муваффақиятли ишлаб келаётган илғор технологияларини тақдим этиш бўйича катта имкониятлар бор.

Тузилмамизнинг юртингиздаги идораси расман очилиши Ўзбекистон ва ФТА ўртасидаги кўп йиллик ҳамкорликнинг илк қадами бўлади. Аминманки, Франция тараққиёт агентлигининг фаолияти икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Share This Post:

Manager Ouzbekistan