
Конституция - халқимизнинг истиқлол йилларида эришган улкан тарихий ютуғи. “Янги Ўзбекистон”нинг шаклланишида бош Қомусимиз мустаҳкам замин бўлиб келмоқда. Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 28 йиллик байрамидаги нутқларида таъкидлаганларидек, “биз бундан тўрт йил олдин Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилдик ҳамда кенг кўламли ва шиддатли демократик ислоҳотларни бошладик. Уларнинг ҳуқуқий асосини Конституциямизга 7 марта киритилган ўзгартиришлар, қабул қилинган 5 та кодекс ва 250 га яқин қонунлар ташкил этмоқда”.
Асосий Қонунимиз қабул қилинган шонли сана нафақат юртимизда, балки чет элларда хам кенг нишонланиб келинмоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан чет эллардаги ватандошларимизни хабардор этиш ва ушбу улуғ санани кенг нишонлаш мақсадида Ўзбекистоннинг Париждаги Элчихонасида миллий услубда янги таъмирланган тадбирлар залида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 28 йиллик байрамига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Элчихонамизнинг мазкур тадбирлар зали Бухоро вилояти ҳокимлигининг кўмагида бухоролик ҳунарманд-усталар томонидан миллий услубда қайтадан таъмирланди. Эътиборлиси шундаки Ўзбекистон ганчкорлик санъатининг ёрқин намуналарини ўзида акс эттирган элчихонанинг биносининг мазкур қисмида фойдаланилган барча қурилиш моллари мамлакатимиздан махсус келтирилган махаллий қурилиш молларидир. Пандемия даврида таъмирдан чиққан ушбу зал Ўзбекистон маданияти ва санъатини, қолаверса унинг туризм салоҳияти ва имиджини француз жамоатчилиги орасида кенг тарғиб қилишда муҳим ўринга эга бўлади.
Тадбирда Францияда яшаб турли соҳаларда фаолият юритувчи олимлар, йирик компаниялар вакиллари ва талабалардан иборат жами
50 кишидан ортиқ ватандошларимиз иштирок этдилар.
Тадбир аввалида, йиғилганлар, улар номидан барча яқинлари ушбу муҳим байрам муносабати билан самимий муборакбод этилиб, уларга хозирда давом этаётган пандемия даврида дипломатик ваколатхонамизнинг доимий равишда қўллаб қувватлаши ва барча зарурий ёрдамга тайёр эканлиги яна бир бор етказилди.
Асосий Қонунимиз бўлган, демократия ва ижтимоий адолатга садоқат ҳамда инсонпарварлик тамойилларини ўзида мужассам этган Конституциямиз туфайли яратилган беқиёс ҳуқуқий имкониятларнинг самараси ўлароқ ҳамда Давлатимиз Раҳбарининг фаол ташаббуслари асосида юртимиз томонидан эришилаётган улкан ютуқ ва натижалар, Ватанимизнинг халқаро майдонда ўз ўрни ва обрўсининг мунтазам юксалиб бораётганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига кўра «Шуҳрат» медали билан тақдирланган ватандошимиз, «Ўзбекистон билан бирдамлик» гуманитар лойиҳаси асосчиси Шерзод Зуфаровга ушбу юксак мукофотни топшириш маросими бўлди.
Юксак мукофотга сазовор бўлган ватандошимиз Ш.Зуфаров, ўзининг Ватан олдидаги бурчи, унинг ривожидаги камтарона ҳиссасисининг Давлат Раҳбари томонидан юксак баҳоланганини ва бунинг учун ўз миннатдорчилигини билдирар экан, бу юксак ишонч, унга ҳамда ушбу лойиҳанинг амалга ошишида қатнашган барча ватандошларимизга катта маъсулият эканлигини, бу эса ўз навбатида, янада кенг қамровли, натижадор лойиҳаларни ишлаб чиқишга чорлашини таъкидлади.
Тадбирда сўзга чиққан ватандошларимиз ЮНЕСКО ташкилотида узоқ йиллардан бери фаолият юритиб келаётган Бобур Тўхтабоев, «Овермаунтэн» компаниясининг инвестиция масалалари бўйича маслаҳатчиси Бобур Таджиев, салоҳиятли «Сосьете Женераль» банкининг активлар бошқаруви бошқармаси маъсул ходими Хуршид Қодиров ҳамда кўчмас мулк агентлиги вакили Дилафруз Халимжонова лар Конституциямизнинг 28 йиллиги билан барчани қутлаб, ўз табрикларини йўлладилар. Улар «Ўзбекистон билан бирдамлик» гуманитар лойиҳаси ва янги лойиҳаларини давом эттиришларини маълум қилиб, бу борада мамлакатимиз ривожига ўз ҳиссаларини қўшишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Тадбир доирасида шунингдек жорий йилнинг бошида Элчихонамиз қошида ташкил этилган миллий иқтисодиётимизни ривожлантириш бўйича таклифларни ишлаб чиқишда ватандошлар билан ўзаро ҳамкорлик «Иқтисодий ислоҳотларга ёрдам» ташаббус гуруҳи аъзолари билан учрашув ташкил этилди. Унда Францияда яшаб, фаолият юритаётган, тажрибали ватандошларимизни, Ўзбекистон фуқароларини ушбу давлатда иш билан таъминлаш масалаларига кенг жалб қилишга келишиб олинди.
Тадбир сўнггида ватандошларимизга Ўзбек-француз ҳамкорлигининг ёрқин саҳифаларини ўзида акс этган ва шу каби юртимиздаги яратувчанлик борасидаги китоб ва маълумотлар кенг тарқатилди.