
Президентимизнинг 2020 йил 4 ноябрдаги “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 24 июль куни Парижнинг Эмиль Антуан номидаги марказий спорт мажмуасида (Эйфель минорасининг олди) Кураш бўйича Ўзбекистон Президенти соврини учун халқаро турнир ўтказилди.
Турнирнинг очилиш маросими ҳам тантанавор тарзда ўтказилди. Унда сўз олганлар юртимизда спортни, айниқса миллий курашимизни ривожлантиришга Президент Шавкат Мирзиёев томонидан алоҳида эътибор қаратилаётганини эътироф этди. Жумладан, Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси Сардор Рустамбоев, Ўзбекистон кураш федерацияси вице-президенти, замонавий кураш қоидалари асосчиси Комил Юсупов, Олимпия кўмитаси президенти, Франция Олимпия қўмитаси аъзоси, Париж-2024 олимпия қўмитаси бошқарув кенгаши аъзоси Эвелин Сириеги сўзга чиқиб, Давлатимиз раҳбари томонидан қадимий қадриятларимиз, хусусан мардлик, жасурлик, ватанпарварлик ғояларини ўзида мужассам этган миллий спортимиз бўлган Курашни оммалаштириш ва дунёга танитиш бўйича қатор ишлар амалга оширилганлигини таъкидлашди.
Франциядаги ушбу халқаро турнир буюк аждодларимиздан мерос қолган Кураш спорти бренди номи билан жаҳон аренасидаги ролини ошириш, ёшларнинг миллий спортга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш ва жаҳон халқларининг мазкур спорт тури билан шуғулланиши учун катта замин яратишига хизмат қилиши айтиб ўтилди.
Париж турнирида Европа қитъасининг 30 дан ортиқ давлатидан 50дан ортиқ ташриф буюрган полвонлар ғолиблик учун ўзаро бел олишди.
Муросасиз ўтган баҳслар якунида энг кучли полвонлар ўз вазн тоифаларига ғолибликни қўлга киритиб, Президент совринига эга бўлди.Хусусан, Ўзбекистонлик Мухаммадкарим Хуррамов Сербиялик Закро Кулумни финал баҳсида мағлуб этиб, турнир ғолибига айланди ва Парижда йиғилган ватандош мухлисларни қувончига сабабчи бўлди. Шунингдек, Сербиялик Закро Кулум ва Македониялик Данов Бобон мос равишда совринли ўринларни кўлга киритишди.
Қизлар баҳсида эса, Германиялик Ясмин Грабовски энг яхши натижа кўрсатиб, турнир ғолибига айланди. У Франия ва Польшалик полвон қизлардан устун келди.
Биринчи ўрин соҳибларига Президент соврини сифатида 5000 евро, 2 ўрин эгаларига 3000 евро, 3 ўринни қўлга киритган полвонларга эса 2000 евро миқдорида пул мукофоти тақдим этилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур мусобоқа Франциянинг бир қатор етакчи Оммавий ахборот воситалари томонидан катта қизиқиш билан ёритилди. Хусусан, халқаро ахборот телеканали “Euronews” томонидан бир қатор лавҳалар эфирга узатилди. Франциянинг “La Gazette” нашрида “Парижда Ўзбекистон Президенти соврини учун халқаро турни ташкил этилади” мақола чоп этилди.
“Иль-де Франс” минтақаси Олимпия кўмитаси президенти, Франция Олимпия қўмитаси аъзоси, Париж-2024 олимпия қўмитаси бошқарув кенгаши аъзоси Эвелин Сириеги: “Бугун Парижнинг юрагида - Эйфил минорасининг ёнгинасида Кураш бўйича Ўзбекистон Президенти халқаро турнирига иштирок этаётганимдан ва уни биргаликда ташкил қилаётганимиздан бенихоя мамнунман. Шубҳасиз, бу мусобақа ўзбек спорти курашини янги босқичга олиб чиқади ва умуман спортни ривожлантиришга олиб келади. Бу шуниси билан ҳам қизиқарлики, у кўплаб миллат вакилларини бирлаштиради. Мусобақада номдор курашчиларни қатнашаётганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш зарур. Спортчиларнинн курашнинг энг жозибали, серқирра томонлари ва янги услубларини кўрсатиб беришди. Шу билан бирга дўстлик рамзи бўлган Олимпия ўйинларининг ҳам қадриятларини намойиш этишди. Яна бир марта бундан ажойиб тадбир учун барча ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигимни билдириб, келажакда спортнинг ушбу ажойиб тури албатта Олимпия ўйинлариги киритилади деб ишонаман”.