
Ўзбекистон Республикасининг Ёшлар умумжаҳон ассоциацияси ва Франциядаги Элчихонаси ташаббуси билан Парижда Францияда яшаётган ўзбекистонлик ёшлар ва таълим олаётган талабалар иштирокида “Ёшлар куни”га бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Ушбу тадбир нафақат маданий, балки маърифий, руҳий ва бирдамлик муҳитини яратишга хизмат қилди.
Тадбирни ўзининг табрик сўзи билан Ўзбекистоннинг Франциядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси очиб берди. У ўз чиқишида давлатимиз томонидан ёшларга таълим, ривожланиш, фан, бизнес, маданият, спорт ва жамоат ҳаётида ўз салоҳиятларини тўлиқ намоён қилишлари учун барча шароитлар яратилаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, ёшларни ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиб, мамлакат ва шахсий келажаклари равнақи учун хизмат қилишга эътиборларини қаратди. Элчихона ҳар доим ёшларни қўллаб-қувватлашга, уларнинг ташаббусларини рағбатлантиришга тайёр эканини алоҳида қайд этди.
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар умумжахон ассоциациясининг Франциядаги вакили ёшларни “Ёшлар куни” муносабати билан самимий табриклаб, уларни янада фаол, билимли ва ташаббускор бўлишга, шунингдек, Ватан билан мустаҳкам алоқани сақлашга чақирар экан, уларнинг келгусидаги ишларига муваффақият тилади.
Тадбир доирасида Францияда таҳсил олган ва ҳозирда турли соҳаларда ишлаб келаётган ватандош мутахассислар ёшлар билан мулоқот қилди. Улар ўз шахсий тажрибалари, муваффақиятларга олиб борган йўллари ва франциялик ҳамкасблар билан ҳамкорликдаги лойиҳалари ҳақида сўз юритишди. Ёшлар уларга қизиқтирган саволларини бериш имкониятига эга бўлишди.
Тадбир иштирокчилари ушбу учрашув улар учун руҳий таянч ва янги мотивация манбаи бўлганини таъкидлашди. Улар “Ёшлар куни”ни муносиб тарзда нишонлаб, келажакда ҳам Ватанга фойда келтирадиган фаол фуқаролар бўлиб қолиш ниятида эканликларини билдиришди.
Ўзбекистонлик ёшлар фикрича, бу каби учрашувлар миллий бирдамликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва янги ташаббуслар учун мустаҳкам пойдевор вазифасини бажаради.“Ёшлар куни” муносабати билан Париждаги Ўзбекистон Элчихонасида ўтказилган тадбирда қатнашган ўзбекистонлик ёшлар ўз таассуротлари ва орзу-мақсадлари ҳақида интервью бердилар.