Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик тобора фаоллашиб бормоқда. Икки томонлама муносабатларнинг мустаҳкамланиши, маданий-гуманитар алоқаларнинг кенгайиши, ишбилармонлик мулоқотларининг ривожланиши ҳамда туристик инфратузилманинг изчил такомиллаштирилиши ўзаро туристик оқимни ошириш учун янги имкониятлар яратмоқда. Бу жараёнда халқаро туризм, инвестициялар ва янги ҳамкорлик алоқаларини шакллантириш нуқтаи назаридан катта салоҳиятга эга бўлган АҚШ туристик бозорида Ўзбекистонни кенг тарғиб қилиш алоҳида аҳамият касб этади.
Ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири америкалик фуқароларнинг Ўзбекистонга ташриф буюриши учун қулай шароитлар яратишдан иборат. Бу борадаги муҳим қадамлардан бири 2025 йил 3 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг АҚШ фуқаролари учун 2026 йил 1 январдан бошлаб 30 кунгача бўлган муддатга визасиз режим жорий этиш тўғрисидаги фармони имзоланиши бўлди. Мазкур чора сафарларни соддалаштириш, туристик ва ишбилармонлик алмашинувини кенгайтириш, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган.
Визасиз режимнинг жорий этилиши Марказий Осиёнинг тарихий мероси, Буюк ипак йўли маданияти ва замонавий Ўзбекистон тараққиёти билан танишишга қизиқувчи америкалик сайёҳлар учун қўшимча рағбат бўлди. Шу билан бирга, индивидуал ва гуруҳли турлар, ишбилармонлик сафарлари, таълим дастурлари ҳамда ихтисослаштирилган туристик йўналишларни ташкил этиш имкониятлари ҳам кенгаймоқда.
Туристик алмашинув статистикасида ҳам ижобий динамика кузатилмоқда. Агар 2018–2024 йилларда АҚШдан Ўзбекистонга келган сайёҳлар сони уч баробарга ошган бўлса, 2025 йилда мамлакатимизга 37 минг нафардан ортиқ америкалик фуқаро ташриф буюрди. 2026 йилнинг январь–октябрь ойлари якунларига кўра, АҚШдан келган сайёҳлар сони 47,1 минг нафарни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 баробарга кўпайди. Бу натижалар америкалик сайёҳларнинг Ўзбекистонга қизиқиши ортиб бораётгани ва кириш туризми географиясини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарасини кўрсатади.
Ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим воситаларидан бири Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини АҚШ бозорида тизимли тарғиб қилишдир. Бу йўналишда турли тақдимотлар, ишбилармонлик учрашувлари, халқаро туристик кўргазмаларда иштирок этиш, америкалик туризм компаниялари, авиакомпаниялар ва соҳавий оммавий ахборот воситалари вакиллари билан музокаралар ташкил этилмоқда.
2026 йил январь ойида Ўзбекистон АҚШнинг энг йирик туристик кўргазмаларидан бири — Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган Travel & Adventure Show кўргазмасида ўз миллий туристик салоҳиятини намойиш этди. Миллий стендда мамлакатимизнинг тарихий-маданий мероси, Буюк ипак йўли даврига оид меъморий ёдгорликлар, анъанавий ҳунармандчилик, миллий таомлар, тадбирлар туризми ҳамда замонавий туристик йўналишлар тақдим этилди. Кўргазма якунлари бўйича Ўзбекистон «2026 Best in Show – Trade Activation» мукофотига сазовор бўлди. Бу эса миллий туристик маҳсулотнинг Америка бозоридаги тақдимоти самарадорлиги эътироф этилганини англатади.
Ушбу ишларнинг давоми сифатида 24 январь куни Нью-Йоркда ва 27 январь куни Чикагода «Uzbekistan — the Pearl of the Silk Road» («Ўзбекистон — Ипак йўлининг дурдонаси») номи остида роуд-шоулар ташкил этилди. Тадбирларда туризм индустрияси вакиллари, салоҳиятли ҳамкорлар ва соҳа мутахассислари иштирок этди. Тақдимотлар давомида хорижий аудиторияга Ўзбекистон ҳудудларининг туристик имкониятлари, саёҳатларни ташкил этиш хусусиятлари ҳамда маҳаллий туроператорлар билан ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ҳақида маълумот берилди.
Мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини америкалик ва халқаро медиа воситалари орқали тарғиб қилиш ҳам Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги туристик алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Турли йилларда Ўзбекистонда PBS, ABC, CNN каби машҳур медиа платформалар вакиллари иштирокида қўшма медиалайиҳалар амалга оширилди. The New York Times, National Geographic ва Foreign Policy каби нуфузли нашрлар ҳам мамлакатимизга катта қизиқиш билдириб келмоқда. 2023 йилда CNN телеканалида намойиш этилган «The Spirit of Samarkand» («Самарқанд руҳи») ҳужжатли фильми ҳам Ўзбекистоннинг тарихий-маданий меросини хорижий аудитория орасида оммалаштиришга хизмат қилди.
Бундай лойиҳалар нафақат Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа қадимий шаҳарларнинг меъморий обидаларини намойиш этиш, балки хорижий томошабинларни мамлакатимизнинг замонавий ҳаёти, меҳмондўстлик анъаналари, миллий таомлари, ҳунармандчилик мактаблари ва табиий диққатга сазовор масканлари билан таништириш имконини ҳам беради. Келгусида америкалик телеканаллар, ҳужжатли фильмлар студиялари, туристик блогерлар ва рақамли медиа платформалар билан ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятига бағишланган янги телевизион ва рақамли маҳсулотларни яратишга алоҳида эътибор қаратиш мумкин.
Туристик маҳсулотни тарғиб қилиш билан бир қаторда, ишбилармонлик ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш ҳам истиқболли йўналишлардан бири ҳисобланади. Америкалик компаниялар меҳмонхоналар қуриш ва модернизация қилиш, замонавий туристик мажмуалар барпо этиш, тоғ ва экологик туризмни ривожлантириш, меҳмондўстлик соҳасига рақамли технологияларни жорий этиш, бронлаш тизимлари ҳамда туристик инфратузилмани бошқариш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган лойиҳаларда иштирок этишлари мумкин.
Бундай имкониятларни кенгайтиришда икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг ривожланиши муҳим аҳамиятга эга. 2026 йил 19 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШ Давлат котиби Марко Рубио билан бўлиб ўтган музокараларида икки томонлама муносабатларнинг ижобий суръати, иқтисодий ҳамкорликнинг кенгайиши ва Ўзбекистонга ташриф буюраётган америкалик сайёҳлар сони ортиб бораётгани қайд этилди. Учрашув икки томоннинг гуманитар, таълим ва ишбилармонлик алоқаларини янада мустаҳкамлашдан манфаатдорлигини ҳам тасдиқлади.
Ўзбекистон ва АҚШ муносабатларини ривожлантиришда 2026 йил 14–15 декабрь кунлари АҚШнинг Майами шаҳрида бўлиб ўтадиган «Катта йигирматалик» (G20) етакчилари саммити ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни мазкур халқаро тадбирда иштирок этишга таклиф қилди. Давлатимиз раҳбарининг саммитда кутилаётган иштироки халқаро мулоқотни кенгайтириш ва дунёнинг етакчи иқтисодиётлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим босқич бўлади.
Ўзбекистоннинг бундай юқори даражадаги халқаро тадбирларда иштирок этиши мамлакатимизнинг иқтисодий ва туристик салоҳиятини Америка ҳамда халқаро бозорларда тарғиб қилиш учун қўшимча имкониятлар яратади. Саммит ва унинг доирасидаги ишбилармонлик тадбирлари давомида америкалик бизнес вакиллари, инвестиция тузилмалари, халқаро ташкилотлар ҳамда туризм индустрияси иштирокчилари билан алоқаларни кенгайтириш мумкин.